Ёшлар веломарафони минглаб ёшларни бир мақсад йўлида бирлаштирди

21.06.2019 0 Автор Elzodxon Sharofaddinov

Жорий йилнинг 21 июнь куни “Ёшлар куни”ни кенг нишонлаш ҳамда “Ёшлар ойлиги” доирасида “Келажакни соғлом ёшлар бунёд этади!” шиори остида “Ёшлар — тур” веломарафони бўлиб ўтди.

“Темирйўлчилар оромгоҳи” дан старт олган велоспортчилар “Уч фаввора” хиёбонигача 5 км масофа бўйлаб ҳаракат қилишди. Барча туман(шаҳар)лардан ташриф буюрган беш юздан ортиқ ёшлар, олийгоҳ талабалари, мактаб ва коллеж ўқувчилари, профессионал ва ҳаваскор спортчилар иштирокидаги мусобақа ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Қувонарлиси Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган вилояти Кенгаши раиси, Наманган шаҳар ҳокими ва бошқа давлат ва нодавлат ташкилот раҳбарлари ҳам мазкур веломарафонда иштирок этди.

– Бугунги марафонда иштирок этиб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритдим, – дейди ёш спортчи Зафаралиев Нодирбек. – Шундай мусобақалар биз ёшларни бир мақсад йўлида бирлашишимизга, Она Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшишимизда муҳим аҳамият касб этади. Доимо Ўзбекистонимнинг байроғини юксакларга кўтаришга сўз бераман.

Уч фаввора хиёбонида ташкил этилган тақдирлаш маросимида санъаткорлар томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.

Тадбир сўнгида ғолиб ва фаол иштирок этган ёшлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.