“ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ– 2030” КОНЦЕПЦИЯСИ

18.07.2019 0 Автор Elzodxon Sharofaddinov

ЁШЛАР БИЛАН ИШЛАШ ВА УЛАРНИНГ ИНТИЛИШЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

I. Умумий қоидалар

Жаҳондаги глобаллашув жараёнлари, инновацион жамиятга бўлган эҳтиёж, фан-техника тараққиёти ёшлар учун кўплаб имкониятлар яратиши билан бир қаторда, уларнинг олдига тезкор қарорлар қабул қилиш, инновацион тафаккурни шакллантириш, интеллектуал салоҳиятни ошириш каби кўплаб талабларни қўймоқда.

Шу боис Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда асосий эътибор ёш авлод вакилларини ўйлантириб келаётган бугунги куннинг долзарб муаммоларини ҳал этишга қаратилмоқда.

Ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, уларнинг интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган илғор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Концепция ёшлар йўналишидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган устивор вазифаларни, асосий мақсад ва йўналишларни белгилаб беради. Уларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишга қаратилган технологияларни янада такомиллаштиришга кўмаклашади.

Шунингдек, бу ҳужжат ёш авлод вакилларини ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш, иқтидори ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни давлат  ва жамиятни бошқариш ишларига кенг жалб этиш, ташаббусларини етарли даражада қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳуқуқий асосларни, иқтисодий имкониятлар ва ташкилий механизмларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Ёшлар сиёсати соҳасидаги тажрибани бойитган ҳолда, мамлакатимизда ёш авлоднинг конституциявий ҳуқуқларини кафолатлаш, ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий ва ташкилий механизмларини янада такомиллаштириш борасидаги мақсад ва вазифалар, устувор йўналишлар ҳамда чора-тадбирларни белгилашга имкон яратади.

Концепция Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли нормаларига, Ўзбекистон Республикасининг ёшларга оид қонунчилиги, шунингдек, БМТнинг “Ёшлар-2030” концепцияси, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига асосланади.

Концепция Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси талаблари асосида ҳамда миллий ва жаҳондаги илғор тажрибалар, мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда амалга оширилади.

II. Концепциянинг долзарблиги ва зарурияти

Бугунги кунда дунёнинг аксарият мамлакатларида ёшлар билан ишлашнинг янгича моделларини яратиш ҳамда уларни амалга оширишда инновацион механизм ва технологияларни қўллашга оид кўплаб амалий ишлар қилинмоқда.

Мамлакатимизда 33,5 млн. нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг 18 млн.га яқини (60%) ёшлар ҳисобига тўғри келади, ўсиш кўрсаткичлари эса йилига 500 мингнафардан ортиқни ташкил этади.

Ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши масалалари шу боис ҳам долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июнда ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувида кўтарилган долзарб масалалардан келиб чиқиб, ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида 2 та қонун ва 16 та қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони билан ёшлар масалаларига оид 70 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4 та фармони, 4 та қарори ва 1 та фармойиши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14 та қарори ва 3 тафармойиши қабул қилиниши ёшлар сиёсати соҳасидаги ислоҳотларнинг тизимли, босқичма-босқич амалга оширилишига ҳуқуқий замин яратди.

Ўтган вақт ичида ёш авлоднинг соғлом бўлиб ўсиши, сифатли таълим олиши ва баркамол шахс бўлиб вояга етишини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ёшларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа турли йўналишлардаги салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган ҳуқуқий, ташкилий ва ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, ҳудудларда эса ҳокимлар раислигида Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгашлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия ташкил этилди.

Юртимизда ташкил этилаётган янги-янги боғчалар, мактаблар, олий ўқув юртлари, нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари, маданият ва спорт иншоотлари, “Темурбеклар мактаби”, “Президент мактаблари”, “Ижод мактаблари” деб ном олган мутлақо янги намунадаги таълим масканлари бугунги глобаллашув шароитида рақобатга қодир бўлган етук кадрларнинг янги авлодини тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Кейинги пайтда умумхалқ ҳаракатига айланиб бораётган бешта ижобий ташаббус доирасида амалга оширилаётган катта қурилиш ва ободончилик ишлари, яратилаётган шароитлар, ташаббусларнинг  мазмуни ва аҳамиятини ёшларимиз чуқур тушуниб, уни амалга оширишда фаол иштирок этаётгани,  мамлакатимизда ёш авлодга берилаётган эътиборнинг ёрқин намунаси ва самараси сифатида намоён бўлмоқда.

Ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилган чора-тадбирлар таҳлили ёш авлод билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан бир қаторда, соҳада ечимини кутаётган муаммоли масалалар ҳам сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.

Аксарият ёшларда дунёда юз бераётган мураккаб геосиёсий ва мафкуравий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини англаш даражасининг пастлиги, бу борада мамлакатимиз маънавиятига мос бўлган фикрлар хилма-хиллиги ҳолатида ягона ёндошув, тушунча ва тасаввурларнинг етарлича шаклланмагани терроризм, диний экстремизм, ақидапарастлик, мутаасиблик, сепаратизм, одам савдоси, “оммавий маданият”, наркобизнес каби турли хавф ва таҳдидларга қарши курашишда жамият кучларини бирлаштириш ва уни ижтимоий ҳаракат даражасига олиб чиқишга имкон бермаяпти.

Айниқса, ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, уларни касбга йўналтириш ва иш билан таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантириш ва мавжуд салоҳиятини амалга оширишга муносиб шароитлар яратиш билан боғлиқ қатор масалалар долзарб бўлиб қолмоқда.

Мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маънавий ривожлантиришга қаратилган туб ўзгаришлар ёшларга оид давлат сиёсатини ривожлантириш борасида янги вазифаларни кун тартибига қўймоқда. Бу эса мазкур йўналишдаги принципиал ёндашувлар такомиллаштирилишини, стратегик мақсад, вазифа ҳамда устувор йўналишларнинг концептуал асослари ишлаб чиқилишини тақозо этмоқда.

III. Концепциянинг стратегик мақсад ва вазифалари

Концепциянинг асосий мақсади–ёшларни мамлакатда амалга оширилаётган демократик, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларга фаол жалб қилиш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, ёш хотин-қизларнинг маънавий ва касбий савиясини ошириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришдан иборат.

Асосий вазифалар қуйидагилардан иборат:

Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусни ёшларимизнинг кундалик турмуш тарзига айлантириш борасидаги амалий чора-тадбирларни янада такомиллаштириш ва натижадорлигини ошириш;

ишсиз, уюшмаган, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар жараёнида фаол бўлмаган ёшларнинг ҳар томонлама ижтимоийлашувига, бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш;

ёшларнинг стартап ғояларини рағбатлантириш, уларни тадбиркорлик ва фермерликка фаол жалб этишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий шароитларни яратиш;

ёшлар ўртасида учраётган салбий ҳолатларни олдини олиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни кескин камайтиришга қаратилган профилактик ишлар натижадорлигини ошириш;

мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларда ёшларнинг фаоллигини ошириш, уларда ислоҳотларга даҳлдорлик туйғусини шакллантириш;

ёшларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш, уларнинг маданият ва санъатга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда китобхонликка кенг жалб этиш;

жисмоний тарбия ва спортни ёшлар турмуш тарзининг ажралмас қисмига айлантириш юзасидан манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш;

ёшлар ўртасида кўнгиллилар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини самарали ташкил этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш, экологик таълим тизимини такомиллаштириш;

“Ёшлар академияси” фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг инновацион ғоя ва ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ахборот технологияларига бўлган қизиқишларини янада ривожлантириш;

ижодкор, танқидий-таҳлилий мушоҳада орқали эркин фикрловчи, ишбилармон, тадбиркор ҳамда интелектуал салоҳияти юқори бўлган бугунги кун қаҳрамони тимсолини яратиш;

ёш хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, улар орасида оилавий қадриятлар ва оилага бўлган муносабатларга ишончни янада оширишга қаратилган тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

ёш оилалар, хусусан, имконияти чекланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитларни яратиш;

ёш ташаббускор кадрларни танлаш ва уларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган тизимли ишларни йўлга қўйиш;

ёшлар муаммоларини ўрганиш ишларини тизимли ташкил этиш ва уларни ҳал этишга қаратилган ишлар натижадорлигини ошириш;

хориждаги ватандошлар билан ишлаш, халқаро ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш ва халқаро доирада тажриба алмашинув тизимини янада такомиллаштириш.

IV. Концепцияни жорий этишнинг асосий принциплари

Концепцияда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашдаги асосий принциплар қуйидагилардан иборат:

очиқлик ва шаффофлик;

ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда ёшларнинг иштироки;

ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;

маънавий, ахлоқий ва маданий қадриятларнинг устуворлиги;

ёшларнинг камситилишига йўл қўйилмаслиги;

ёшларнинг, жумладан чет элларда фаолият олиб бораётган ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланганлиги;

ёш оилалар, имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар манфаатларининг ҳимояланганлиги;

ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этувчи давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва хусусий сектор фаолиятининг мувофиқлиги ва мутаносиблиги.

V. Ёшлар билан ишлаш ва уларнинг интилишларини
рўёбга чиқаришнинг устувор йўналишлари

Ёшларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш йўналиши:

чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган кўп сонли ёшларнинг замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш, ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш, ташаббусларини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш;

фаол бўлмаган ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, қайта тайёрлаш ва бандлигини таъминлашни замон талаблари асосида ташкил этиш, бу борада олиб борилаётган ишларни тизимли ташкил этишда давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигини такомиллаштириш, маҳаллалар кесимида уюшмаган ёшлар билан амалга ошириладиган чора-тадбирлар намунавий дастурини ишлаб чиқиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича масъуллар белгилаш;

олий ва касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини улар эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ ишга жойлаштириш тизимини такомиллаштириш;

чет давлатлардан қайтиб келган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, ижтимоийлашувига кўмаклашишга қаратилганманзилли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида ишсиз ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш тизимини шакллантириш, хусусий сектордаги мавжуд бўш иш ўринларини аниқлаш ва мазкур бўш иш ўринларига ёшларни ишга жойлаштиришга кўмаклашадиган “меҳнат агентликлари” фаолиятини йўлга қўйиш;

туман-шаҳарлар кесимида ёш хотин-қизлар бадлигини таъминлаш бўйича манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;

банд бўлмаган, имконияти чекланган ёшларни касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари тизимини мустаҳкамлаш;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг ҳар бир туман (шаҳар) марказида Ёшлар тадбиркорлик кластерларини ташкил этиш;

умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун тадбиркорлик бўйича танловлар ташкил этиш ва ғолибларга имтиёзли кредитлар ажратиш, уларни тадбиркорлик йўналишидаги махсус ўқув курсларига жалб этиш;

шахсий бизнесини ташкил этишни хоҳловчи, илк бор меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама рағбатлантириш ва уларга кўмаклашиш;

ёшлар, айниқса ёш оилаларни оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка кенг жалб этиш механизмларини такомиллаштириш, ёшларнинг ўз ўзини банд қилиш технологияларини ривожлантириш;

тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятидаги ёшлар орасида семинар-тренинглар ўтказиш, уларда тажрибали тадбиркорлар ва маҳаллий мутасаддилар иштирокини таъминлаш;

Ҳар бир туман (шаҳар)да катта тажриба ва салоҳиятга эга тадбиркорлар иштирокида ёш тадбиркорларнинг “Start up” лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Ёшлар тадбиркорлиги ҳудудлари”ни ташкил этиш ва «Ёшлар бизнес инкубаторлари” фаолиятини йўлга қўйиш;

ёшларнинг инновацион ғоя ва ташаббусларини, лойиҳа ва таклифларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рўёбга чиқаришга амалий кўмак бериш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида алоҳида “Ёшлар” тижорат банкини ташкил этиш;

ҳар йили меҳнат бозоридаги ишчи кучига талабдан келиб чиққан ҳолда 500 мингга яқин ёшларни доимий иш билан таъминлаб бориш чораларинии кўриш, бунда, 50 мингга яқинини давлат ва нодавлат ташкилотларига, 70 мингга яқинини хусусий сектор корхона ва ташкилотларига 100 мингга яқинини қишлоқ хўжалиги соҳасига, 100 мингга яқинини қурилиш, ободонлаштириш соҳасига, 60 мингга яқинини “Ҳар бир оила тадбиркор”80 мингга яқинини “Ёшлар келажагимиз” Давлат дастурлари доирасида бандлигини таъминлашга эришиш;

энг яхши инновацион лойиҳаларни аниқлаш ва уларни молиялаштириш мақсадида хорижий экспертлар ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ёшлар форумларини ташкил этиш;

бизнесни бошқариш ва инвестицион муҳитни яратишга қаратилган халқаро экспертлар иштирокида ўқув курсларини ташкиллаштириш;

ҳар йили ёшларнинг инновацион лойиҳаларини амалиётга жорий қилиш орқали мамлакатимизга киритилаётган инвестициялардаги ёшлар улушини
15 фоизга ошишини таъминлаш;

ёш тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини ОАВ орқали ёритиш, юқори натижаларга эришган тадбиркорларнинг ғоялари ва бизнес-лойиҳаларини реклама роликлари орқали кенг тарғиб қилиш.

Кўнгиллилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали ёшларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштирокини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш йўналиши:

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга ёшларни тайёрлаш, улар учун замонавий технология асосида ўқув-семинарлар, тренинглар ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича қўмита ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш;

Халқ депутатлари ҳудудий кенгашларида доимий фаолият юритувчи ёшлар йўналишидаги комиссиялар фаолиятига кўмаклашиш;

сиёсий партияларнинг ёшлар қанотлари билан “ҳаракат дастурлари”ни ишлаб чиқиш ва ҳамкорлик битимларини имзолаш;

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши қошида“Республика кўнгилли ёшлар билан ишлаш ассоциацияси”ни ташкил этиш ва ушбу йўналишдаги ишларни халқаро тажриба асосида амалиётга жорий этиш;

Ҳудудларда “Ёшлар ташаббуслари” кўнгилли ёшлар марказлари фаолиятини ташкил этиш орқали, ёшларни амалиётга, ижодий ва жамоат ишларига жалб қилиш;

кўнгилли ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий йўналишларда халқаро форумлар ташкил этиш;

биринчи марта сайловларда иштирок этувчи ёшлар учун услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш ҳамда “Демократик сайловлар менинг тақдиримда” мавзусидаги тарғибот тадбирлари ва ўқув семинарларини ташкил этиш;

сиёсий партияларнинг ёшлар қанотлари ҳамда сайловларда муваффақият қозонган ёш депутатлар билан ҳудудларда учраётган ёшлар муаммоларини бартараф этиш механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

маънавий-ахлоқий жиҳатдан муаммоси бор, нотинч оила фарзандлари, жиноятчиликка мойил бўлган ёки профилактик рўйхатда турадиган ёшлар билан индивидуал тарзда иш олиб бориш тизимини такомиллаштириш;

вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича ҳудудлар кесимида манзилли чора-тадбирлар ишлаб-чиқиш. Ички ишлар профилактика ҳисобида турувчи вояга етмаганлар учун ташкил этилаётган “Тарбия-спорт оромгоҳлари” ишини тубдан қайта кўриб чиқиш ва улар фаолияти натижадорлигини оширишга қаратилган аниқ чора-тадбирларнибелгилаш;

Авф этилган ҳамда кафилликка олинган, профилактик ҳисобда турувчи ёшлар билан ишлаш тизими самарадорлигини ошириш, тарбияси оғир ёшларни тўғри йўлга қайтариш мақсадида “Армия ҳаёт мактаби” шиори остида махсус ҳарбий оромгоҳлар ташкил этиш;

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда 2025 йилга қадар кўнгиллилар ҳаракатига ёшларнинг
30 фоизини, 2030 йилга қадар 40 фоизини жалб этиш;

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда ёшларнинг иштирокини босқичма-босқич 50 фоизга, 2030 йилга қадар ёш депутатлар улушини
40  фоизга етказиш;

ички ишлар профилактик ҳисобида турган, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ҳолатларда рўйхатга олинган ёшларни профилактик ҳисобдан чиқариш мақсадида Ёшлар иттифоқи тавсияномаларини бериш амалиётини жорий этиш;

жазони ижро этиш муассасаларидан қайтиб келган ёшларни ижтимоий реабилитациясида кўмаклашиш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш механизмларива технологияларини такомиллаштириш.

Ёшларнинг бўш вақти ва дам олишини мазмунли ташкил этиш орқали вақт бюджетига асосланган, менталитетимизга хос турмуш тарзи ва ҳаёт кечириш маданиятини шакллантириш йўналиши:

вақт бюджетига асосланганменталитетимизга хос турмуш тарзини яратишга қаратилган амалий ишларни халқаро тажрибада синалган услублар орқали жорий этиш;

ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида уларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганишга қаратилган ижтимоий сўровлар ўтказиш.

жамоат ташкилотлари, ўқув муассасалари ҳамда ҳар бир ота-онанинг ёшлар вақтини мазмунли ўтказишга қаратилган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш;

ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга қаратилган ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни рағбатлантириштизимини яратиш;

республиканинг барча туманларида, тадбиркорларни кенг жалб этган ҳолда, ёшлар бўш вақтларини мазмунли ўтказадиган, мароқли ҳордиқ чиқарадиган, турли аттракционлар, кинотеатрлар билан бирга, бепул Вай-фай (Wi-fi) ҳудуди ҳамда Бук кафе (“Book cafe”), Скейт парк (“Skate park”)ларга эга замонавий маданият ва истироҳат боғларини барпо этиш;

2025 йилга қадар жойлардаги маданият марказларини тўлиқ таъмирдан чиқариш, санъат мактаблари ва баркамол авлод болалар марказларида ёшларнинг маданият ва санъат билан шуғулланишлари учун зарур шароитлар яратиш, уларнинг камида 40 фоизини маданият ва санъатга жалб этиш. 2030 йилга қадар ҳар бир туманнинг чекка ҳудудларида маданият марказлари барпо этиш;

ёшларни китобхонликка кенг жалб этиш мақсадида 10 мингга яқин маҳалла кутубхоналари, 500 га яқин замонавий китоб дўконларини барпо этиш,ҳар йили 1000 га яқин китобхонлик тарғибот акциялари ва танловларини ўтказиш орқали ёшларнинг 30 фоизини доимий китоб ўқишларига эришиш;

2030 йилга қадар ёшларнинг вақт бюжетига асосланган мазмунли хордиқ чиқариши бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

ёшлар, ёш оилалар ўртасида китобхонлик танловларини ўтказиб бориш орқали ёш авлодда китобхонлик маданиятини шакллантириш;

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг электрон кутубхонасини ташкил этиш.

Ёшларнинг сифатли таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш, спорт билан шуғулланиш имкониятларини янада кенгайтириш йўналиши:

Олий таълим муассасаларида “Талабаларкенгаш”лари фаолиятини йўлга қўйиш орқали ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш механизмларини такомиллаштириш;

республика бўйича болаларни мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш;

ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганган ҳолда умумтаълим муассасаларида ўқувчилар ўртасида “зўравонлик”ни олдини олишга қаратилган дастурларни жорий этиш;

таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий ўқув ускуналари, ўқув-лабораториялари, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш ва мунтазам янгилаб борилишини таъминлаш;

миллий таълим тизимини модернизациялаш шароитида республика олий таълим муассасаларида замонавий таълим хизматлари турларини кенгайтириш, жумладан, узоқ ҳудудлардаги ва хориждаги ёшлар учун масофавий таълим тизимини жорий этиш;

мамлакатда олий таълим муассасаларини самарали бошқаришнинг илғор жаҳон стандартларига мос шаклларини, таълимда сифат менежменти усулларини самарали қўллаш;

таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида хорижий таълим муассасалари билан алоқаларни ривожлантириш, халқаро тажриба алмашувларини йўлга қўйиш;

олий таълим муассасалари ўқув жараёнига етакчи хорижий мутахассисларни мунтазам равишда жалб этиш;

ёшларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш маданиятини юксалтириш, хорижий тилларни чуқур ўрганишлари учун кенг шароитлар яратиш;

ёш мутахассислар ва талабаларнинг инновацион фаолиятини ривожлантириш ҳамда уларнинг илмий ва техникавий ғояларини саноат намуналари, ускуналар, технологик жараёнлар ва ечимларда мужассамлаштириш;

Ўзбекистон китоб фондларида сақланаётган нодир қўлёзмаларни чуқур ўрганиш ва уларни ёшлар орасида оммалаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш.

ёш авлодни жисмонан баркамол қилиб вояга етказиш мақсадида улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича кенг кўламли ташкилий, тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш;

ёшлар ўртасида репродуктив саломатлик, фаол ҳаёт тарзи ва тўғри овқатланиш қоидаларини кенг тарғиб қилиш;

гиёҳвандлик, тамаки чекиш, алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш ва ёшлар саломатлигига таъсир этувчи бошқа иллатларнинг тарқалишини олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари ўртасида соғломлаштириш спорт тадбирларини ташкил этиш, спорт мусобақаларини ўтказиш механизмларини янада такомиллаштириш;

ёшлар, жумладан, хотин-қизлар ва имконияти чекланганлар орасида спортни кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон терма жамоалари спортчилари, жаҳон ва Осиё ўйинлари чемпионлари билан тизимли учрашувлар ташкил этиш;

туман, шаҳар, вилоят, республика ва халқаро миқёсда спорт мусобақаларини юқори савияда ташкил этиб бориш орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик ва ватанпарварлик, она ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш, ёшлар орасида иқтидорли спортчилар сафини кенгайтириш;

2030 йилга қадар мактабгача таълим муассасаларига болаларни 100 фоиз қамраб олиш, олий таълим муассасаларида ёшлар қамровини 2025 йилга қадар 100 минг нафарга ва 2030 йилга бориб, бу кўрсаткични 150 минг нафарга етказиш чораларини кўриш;

ёшларни спорт билан шуғулланишга жалб этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишорқали 2030 йилга бориб, уларнинг 50 фоиздан ортиғи спорт билан доимий шуғулланишларига эришиш;

ёшлар ўртасида эрта никоҳ ва эрта туғруқни олдини олиш, ёшлар ўртасида кузатилаётган ажрим ҳолатларини 2030 йилгача мавжуд никоҳ ҳолатига нисбатан 95 фоизгача камайишига эришиш;

ёшларни оммавий спортга кенг жалб қилиш, улар ўртасида жисмоий тарбия ва спорт соғлом турмуш тарзи гарови эканлигини мунтазам тарғиб қилиб бориш мақсадида электрон қўлланмалар ишлаб чиқиш ва барча умумий ўрта таълим мактабларида электрон инфо-киоскалар ташкил этиш.

Ёшларнинг инновацион ташаббуслари ваахборот технологияларига бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда иқтидорли кадрларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш йўналиши:

ёшларни илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, иқтидорли, ташаббускор ёшларнинг ўз интеллектуал салоҳиятини намоён қилиши ва ижтимоий мослашуви учун зарур шароитлар яратиш;

ёшларнинг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган, ривожланган давлатлар тажрибасига асосланган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

умумтаълим мактабларининг 7-11 синф ўқувчилари ўртасида “Менинг маҳаллам”, “Менинг мактабим”, “Менинг қишлоғим”, “Менинг шаҳрим” ва бошқа шу каби мавзуларда “Компьютер инфографикалари танлови”ни ўтказиш;

“Рақамли мактаб” тизимини жорий этиш орқали мактаб ўқувчиларида рақамли технологиялар билан ишлаш ва дастурлаш кўникмаларини шакллантириш;

ҳудудларда ижодий студиялар, киберспортга ихтисослашган марказлар ташкил этиш;

ёшлар ўртасида “Энг яхши робототехника мутахассиси” танловини ўтказиш;

ёшларнинг замонавий ахборот технологиялардан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик, илм-фан, инновация, технология ва бошқа соҳаларда амалга оширадиган ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

ёш раҳбар кадрларни тайёрлаш, стипендиялар ва кўнгиллиларни қўллаб-қувватлаш дастурларини кенг жорий қилиш;

истиқболли кадрлар электрон базасини шакллантириш, инсон ресурсларини (HR management) бошқариш рақамли тизимини йўлга қўйиш;

ҳудудлар кесимида юқори натижага эришаётган ёшлар базасини шакллантириш ва уларни хорижий давлатларга ўз мутахассислиги бўйича қисқа муддатли ўқувларга юбориш;

давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда Ёшлар иттифоқи тизимида фаолият юритаётган ёш кадрларнинг касб, лидерлик ва малака даражасини тизимли таҳлил қилиб бориш механизмини яратиш мақсадида “Assessment Centre” амалиётини жорий этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтида мамлакат ёшлари орасида учраётган тизимли муаммолар реестрини шакллантириш ва уларни бартараф этиш бўйича истиқболли режалар ишлаб чиқиш;

ёш кадрларнинг турли хил салбий вазиятларга чидамлилик ва можароларни бошқариш каби қобилиятларини шакллантириш мақсадида психологик ва социологик тестлар ўтказиш ҳамда уларни тегишли раҳбар кадрлар захирасига киритиш тизимини ишлаб чиқиш;

ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида амалга ошириладиган ишлар ҳолатини тизимли мониторинг қилиб бориш ва йил якуни бўйича ёшлар муаммолари бўйича “Якуний маъруза” тайёрлаш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш;

2030 йилга қадар меҳнат бозорида ёшларнинг камида 30 фоизини ахборот-технологиялари билан шуғулланишини таъминлаш;

ҳар йили давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда Ёшлар иттифоқи тизимида фаолият юритаётган 1000 нафар ёш кадрларни “социал лифт” орқали кўтарилишини таъминлаш механизмларини ишлаб чиқиш;

мамлакатимизда ёшлар орасида учраётган тизимли муаммолар реестрини шакллантириш орқали 2030 йилга қадар ёшлар орасидаги муаммоларни мавжуд ҳолатга нисбатан 80 фоизга камайтиришга эришиш;

ёшлар ижтимоийлашувининг замонавий тенденцияларини ва чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган ёшларнинг замонавий шароитларга мослашувида юзага келаётган муаммолар динамикасини ўрганиш ва уларнинг ечимига қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида давлат ва жамоат ташкилотлари фаолияти натижадорлигини оширишга қаратилган инновацион усулларни жорий этиш ва уларнинг самарадорлигини таъминлаш.

жойлардаги бошланғич ташкилотлар орқали тадбиркорлик йўналишидаги дастурлар ҳақида тарғибот материалларини тарқатиш амалиётини жорий этиш ва ушбу масалалар юзасидаан ёшлар фикрини ўрганишга қаратилган ижтимоий сўровлар ўтказиш;

ёшларга мўлжаллаб эфирга узатилаётган телекўрсатув ва радио эшиттиришлар сифатини тубдан яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларда ёшларнинг инновацион ташаббуслари ва ғояларини тарғиб қилишга қаратилган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратиш.

Ёшларни умуминсоний ва миллий қадриятларга ҳурмат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш йўналиши:

оммавий ахборот воситаларида, хусусан, ижтимоий тармоқларда, мобиль мессенжерларда, даврий, электрон нашрларда миллий қадриятлар ва ҳалқимизга хос меҳр-оқибатни, бағрикенгликни тараннум этадиган, ёшлар онгида миллий ғурур ва иммунитетни шакллантириш ҳамда мустаҳкамлашга хизмат қиладиган виртуал платформаларни, публицистик, чизма, фото ва видео ролик, инфографика кўринишидаги материалларни кўпайтириш; 

ёшларни маънавий баркамол, ватанга садоқатли қилиб тарбиялаш, ёшлар замондоши “бренди”- бугунги кун қаҳрамони образини яратиш. Бугунги кун қаҳрамонини ОАВ, реклама баннерлари, шоу дастурлари (мултфильм, кино ва қўшиқлар) орқали кенг тарғиб қилиш;

намунали ўзбек ёш ўғлони ва қизининг ижтимоий, маънавий ва ахлоқий мезонларини ишлаб чиқиш, замонавий ўзбек ёшлари қиёфасини шакллантириш;

авлодлар ўртасидаги ихтилофларни келтириб чиқараётган сабабларни таҳлилий ўрганиш, уларни бартараф этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, чора-тадбирларни амалга ошириш;

мамлакатимизда ёшларнинг менталитетимизга қарши турли хил ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишини олдини олишга қаратилган тизимли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, турли хавф-хатарларга қарши курашишда ёшлар иштирокини кучайтириш;

маҳалла фуқаролар йиғинларида соғлом оилани шакллантириш масалалари бўйича психологик маслаҳат марказлари фаолиятини йўлга қўйиш;

ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ёш оила инновацион маслаҳат марказлари фаолиятини тенгдош-тенгдошга тамойили асосида янда ривожлантириш механизмларини ишлаб чиқиш;

ёш оилалар ўртасида ажримларни олдини олиш, уларни оилавий муносабатларга тайёрлаш, эрта никоҳ ва эрта туғруқ билан боғлиқ ҳолатларни олдини олишга қаратилган давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигининг самарали механизмларини яратиш;

ОАВ (телевидение ва интернет тармоқлари)ларда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ёш оилалар ўртасида ажримлар, эрта никоҳ ва эрта туғруқ ҳолатларини олдини олиш, уларнинг салбий оқибатларини кўрсатишга қаратилган, таъсирчан қисқа метражли фильм ва видеороликларни яратиш.

Ёшларга оид давлат сиёсатини халқаро стандартларга мос равишда ривожлантириш йўналиши:

Ўзбекистоннинг халқаро майдонда илгари сурилган ёшлар масалаларига оид ташаббусларини кенг тарғиб қилиш ва амалга ошириш;

Бирлашган миллатлар ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро шартномалари ва ҳужжатлари тегишли қоидаларини амалга ошириш бўйича халқаро мажбуриятларни бажаришда давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш;

Ўзбекистон ёшларининг Бирлашган миллатлар ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар таълим муассасаларида малака ва билимларини ошириш бўйича ҳамкорлик механизмини яратиш;

хориждаги ватандошлар билан ишлаш,уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш,хорижда меҳнат қилаётган ватандошларимизни юртимизга қайтариш чораларини кўриш ёки уларнинг инновацион ғоя ва ташаббусларидан фойдаланишга қаратилган ишларни тизимли ташкил этиш;

хорижий давлатларда ўз фаолиятини олиб бораётган ёшлар ташкилотлари ҳамда халқаро ёшлар ташкилотлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиш ва ўзаро тажриба алмашув механизмларини такомиллаштириш;

банд бўлмаган, имконияти чекланган ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида халқаро ва хорижий нодавлат ташкилотларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда семинарлар ўтказиш, тажриба алмашиш;

Марказий Осиё минтақаси ёшлари ўртасида ўзаро мулоқотни таъминлаб бориш мақсадида минтақа ёшлари форумлари ўтказилишини мунтазам йўлга қўйиш.

VI. Кутилаётган натижалар

Ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ҳамда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашборасидаги мақсад ва вазифаларни амалга оширишда юқори самарадорлик ва натижадорликни таъминлайди;

Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ёшларимизнинг кундалик турмуш тарзига айланади;

ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамкорлигини таъминлашга ва буборада белгиланган вазифаларни юқори ва сифатли даражада амалга оширишга эришилади;

болалар мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олинади, умумий ўрта таълим мактаблари ва олий таълим муассасаларида таълим сифати халқаро стандартлар даражасига кўтарилишига эришилади;

раҳбар кадрларни тайёрлаш ва “социал лифт” орқали билимли, ташаббускор ва ташкилотчи, фидойи ёш раҳбарларнинг кадрлар захираси яратилади;

ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган ишлар натижадорлиги ошади;

ёш хотин-қизлар ва ёш оилалар билан олиб борилаётган ишлар самарадорлиги янги босқичга олиб чиқилади;

қизларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, истеъдод ва қобилиятини юзага чиқариш, улар орасида ҳақиқий етакчиларни тарбиялаш ишлари янада кучайтирилади;

маънавий-ахлоқий жиҳатдан муаммоси бор, нотинч оила фарзандлари, жиноятчиликка мойил ёки профилактик рўйхатда турадиган ёшлар билан индивидуал тарзда иш олиб бориш тизими йўлга қўйилади;

Ўзбекистон дунёнинг энг китобхон мамлакатига айланади, ёшларда миллий тарихимиз ва буюк аждодларимиз меросини пухта ўзлаштириш хоҳиши шаклланади;

ўзбек маданияти ва санъатига муҳаббат ёшлар маънавиятининг асосига айланади;

ёшлар ўртасида улар интиладиган, эргашадиган ўз даврининг “бренди” – замон қаҳрамонлари пайдо бўлади;

мулкдор бўлишга интилиш ёшларнинг тадбиркорлик ва меҳнатсеварлик фазилатидаги узвий белгига айланади;

ёшлар тарбияси “Ватан тараққиётига хизмат қилиш ва содиқ бўлиш” ғояси асосида ташкил этилади. Улар ўртасида шахсий ва миллий манфаатларни уйғун тутишга доир кенг кўламли тарбиявий ёндошув шаклланади.

миллий ғоя руҳида тарбияланган, юксак ахлоқий фазилатларга эга, юрт шаъни, ор-номуси учун кураша олишга қодир, маънавий иммунитети мустаҳкам,  меҳнатсевар, эътиқоди кучли шахс шаклланади, маънавий кодекс қарор топади.

VII. Якунловчи қоидалар

Концепцияда назарда тутилган мақсад ва вазифаларга эришишнинг молиявий харажатлари Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунига биноан, Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети, ҳомийларнинг маблағлари ва бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожланишидаги ўзгаришлардан келиб чиқиб, Концепциянинг айрим қоидалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқлаштирилиши ҳамда тўлдирилиши мумкин.