Ёшлар тарбиясида маданият ва санъатининг ўрни

11.10.2019 0 Автор Elzodxon Sharofaddinov

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Раҳнамолигида Мамлакатимизда баркамол авлодни шакллантириш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Бундай ислоҳотлар ўзининг юксак самара ва натижаларини бериб келмоқда.

Жумладан, мактабгача таълимнинг замонавий тизими, 11 йиллик умумий ўрта таълим жорий қилинмоқда, замонавий олий таълим муассасалари ҳамда нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилмоқда.

Ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш бўйича ишларни мутлақо янги тизим асосида ташкил этиш ва амалга ошириш мақсадида «Yoshlar — kelajagimiz»  Давлат дастури қабул қилинди. Ёшлар билан доимий мулоқот қилиш мазкур соҳадаги долзарб муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда давлат органлари ва жамоат ташкилотлари фаолиятининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда десак мақсадга муофиқ албатта.

“Ёшлар – келажак бунёдкори”. Ушбу улуғвор шиор остида мустақил Ўзбекистонимизнинг бахтли ёшларига жуда катта имкониятлар эшиги очилди. Бу борада Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури  ишлаб чиқилди.

Ёшларимизнинг ҳар қандай соҳада билим олишлари, касб-ҳунар эгаллашлари учун муносиб шарт-шароитлар яратилмоқда. Бунга жавобан эса ёшлардан фақат ва фақат қунт билан ўқиш, юксак маънавиятли авлод бўлиб вояга етиш, Ватани ва халқига садоқатли фарзанд бўлиб камол топиш, бир сўз билан айтганда миллат корига камарбаста бўла оладиган ватанпарвар ёшлар бўлиб камолотга етиш кутилмоқда.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, жаҳон миқёсидаги илғор тажрибалар асосида замонавий маданият ва санъат муассасалари барпо этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ижодкор зиёлиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига давлатимиз томонидан устувор вазифа сифатида аҳамият қаратиб келинмоқда. Аҳоли, хусусан, ёшларнинг маданий савиясини юксалтириш, уларни миллий ва умумбашарий маданиятнинг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш, шу асосда маънавий етук, баркамол шахсларни тарбиялаш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ёшлар тарбиясида санъат соҳалари ҳақида гап кетар экан Театр санъатини алоҳида тилга олмасдан иложимиз йўқ. Театр санъати азалдан инсонларни эзгулик сари бошлаб ёвузликка қарши эзгулик билан курашиш керак эканини уқтириб, инсоннинг ақлий камолоти учун, маънавий юксалиш сари беминнат хизмат қилиб келган.

Бугунги кунда ҳам мамлакатимизда кўплаб театрлар ўзларининг қизғин фаолиятларини олиб бормоқда. Турли зарарли иллатлар, ҳаётий воқеалар, инсон кечмишлари, турли тақдирлар, тарбиявий ва ахлоқий аҳамиятга эга бўлган саҳна асарлари халқимизга намойиш этиб келинмоқда.

Маърифатпарвар боболаримиз Маҳмудҳўжа Беҳбудийдан тортиб Абдулла Авлонийгача Театр санъати ёшлар тарбиясида беқиёс ўрин тутишини доимо эътироф этиб келганлар. Улар ўз даврларида ёшлар тарбиясига ижобий таъсир этадиган одоб-ахлоқ ва тарбиявий аҳамиятга эга бўлган саҳна асарларини халққа намойиш этиш орқали маърифат ва илм, тарбия чироғини ёққанлар. Маънавий руҳни ўзида акс эттирган тарбиявий аҳамиятдаги саҳна кўринишлари ёшлар тарбиясида катта рўл ўйнаган десак асло муболаға бўлмайди.

Бугунги кунимизда ҳам ёшлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатиш қудратига эга бўлган саҳна асарлари маҳоратли режиссёрларимиз томонларидан яратилган Спектакллар Тошкент шаҳридаги барча театрлар ҳамда Республикамизнинг барча вилоятларидаги театрларида ҳам намойиш этиб келинмоқда. Аммо бугуннинг кўплаб ёшлари Театр биноларига жонли саҳна асарини томоша қилишга бормайдилар. Бунинг ўрнига интернет кафе ёки бошқа кўнгилочар жойларга боришни афзал кўришаётгани эса инсон кўнглини ғаш қиладиган ҳолатлардан биридир. Сўзларимиз исботини эса мамлакатимиз театрларидаги бўш жойларни, банд бўлган жойларда эса асосан ёши катталар ўтирганларини мисол қилишимиз мумкин.

Мамлакатимизда бундай холатларга барҳам бериш, ёшларни манавиятли қилиб тарбиялаш, умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтириш , ёшларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ва фойдали ташкил этиш мақсадида Давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурдилар. Мазкур беш ташаббуснинг биринчиси — ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилишдан иборат.

Ёшларни театр санъатига бўлган қизиқишларини ошириш борасидаги ушбу ташаббус ижросини таъминлаш мақсадада Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ҳамда ҳудудий кенгашларида “Ҳаваскор ёшлар театр студиялари” ўз фаолиятини бошлади. “Республика ёшлар маркази” ва ҳудудий бўлинмаларида ҳам мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига иҳтисослашган ёшлар учун мутлақо бепул тўгараклар иш бошлади. Бунинг натижаси ўлароқ ёшларимиз бўш вақтлари мазмунли ташкил этилмоқда. Ёшлар ўзларининг ижодий истеъдодларини эркин намойиш этиш имкониятига эга бўлмоқда. Мазкур ташаббус ижроси натижасида театрларимизга миллий спектаклларимизни томоша қилиш иштиёқида ташриф буюраётган ёшларимизнинг кундан-кунга ортиб бораётгани ҳам қувонарли натижадир. Маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий айтганларидек: “Театр бу ибратҳонадир”. Ибрат масканлари бўлмиш театрларимизга ташриф буюриб, ҳаётнинг сабоқли дарсларидан сўзловчи спектаклларни томоша қилиб ва ўзларига керакли хулосалар чиқариб олган ёшлар ҳаёт майдонида ҳеч қачон йиқилмайди.

Ҳудудларда ташкил этилаётган ҳаваскор ёшлар театр студиялари томонидан тайёрланаётган тарбиявий аҳамиятга эга бўлган саҳна кўринишлар, концертлар, маданий ва маънавий-маърифий дастурлар ҳам ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга ва уларнинг ижодий имкониятларини юзсга чиқаришга замин яратмоқда десак хато қилмаган бўламиз.   

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган вилоят Кенгаши бўлим бошлиғи ҳодими

Марғуба Ахралова Акмалхановна