БЕФАРҚЛИК ГИРДОБИ

11.10.2019 0 Автор Elzodxon Sharofaddinov

Тарбия масаласи ҳар бир замон ва маконда ҳам энг аҳамиятли вазифалардан бўлган. Ҳар бир буюк давлат буюклик асосини ёшлар тарбиясида кўрган. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Ёшлар – келажак бунёдкори”. Дарҳақиқат ёшлар тарбияси бунёдкорлик асосидир. Келажакни тарбияли ва билимли ёшларгина бунёд этади. Президентимиз бошчиликларида ёшлар тарбиясида қатор ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Давлитимиз ва жамиятимиз томонидан ёшлар тарбиясига катта аҳамият қаратиб келинмоқда. Ёшларимизнинг ҳар томонлама билимли ва зукко ёшлар бўлиб камол топишлари ҳамда бутун дунё ёшлари билан ҳар соҳада беллаша оладиган интеллектуал шахс бўлиб камол топишлари учун барча шароитлар яратилган. Лекин афсуски мана шундай имкониятлардан оқилона қойдаланмасдан қимматли вақтларини бекорчи ишларга сарф этаётган ёшлар ҳам йўқ эмас. Албатта бундай ҳолатлар ҳам тарбиядан далолат беради. Демак ундй ёшлар ўз ота-оналаридан яхши тарбия олмагани сабабидан ҳам бемалол вақтларини турли компютер ўйинлари ва интернет кафеларда бекорчилик ва бефойда ишларга сарфлаб умрининг энг гуллаган ёшлик даврларини кўкка совиришмоқда. Энг ачинарлиси болалар тарбиясига бефарқ бўлаётган масъулиятсиз ота-оналар ҳам талайгина. Дунё ташвишлари, тирикчилик ғамларини рўкач қилиб ўз фарзандларининг келажагига ва тақдирига бефарқ бўлишмоқда. Оқибатда эса фарзанднинг тарбияси издан чиқиб турли бузғунчи йўлларга кириб кетаётгани эса янада ташвишланарлидир. Тарбия ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало, таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир” деган чуқур  маъноли сўзлари ёдга олишни жоиз деб билдим.

Фарзандга яхши тарбия бериш ва яхшиликка ўргатиш ҳар-бир ота-онанинг фарзанди олдидаги энг катта омонати десак асло муболаға бўлмайди. Бу омонатга ҳиёнат қилиш эса аянчли оқибатларга олиб келишини эса ҳамма яхши билади. Жиноят ва ҳуқуқбузарлик оламига кириб қолишга нима сабаб бўлади? Тарбиясизлик! Безорилик, ўғирлик, қиморбозлик, ичкиликбозлик ва бошқа иллатлар гирдобига тушиб қолишигачи…?! Албатта тарбиясизлик!!! Агар ана шундай ёшлар ота-оналаридан ўз вақтида болалик чоғларидан яхшилик ва ёмонликни фарқлашни ўрганганида, яни, тўғри тарбия олганларида эди, ана ўша бола вақти келиб бузғунчилик йўлларга кирмаган бўлар эди. Турли жиноятлар содир этмаган бўлар эди. Ижтимоий тармоқлардаги бузғунчи ва вайронкор ғоялар таъсирига тушиб ўз ота-онасини юзини ерга қаратиб ватанига ҳиёнат қилмаган бўлар эди. Афсуски мана шундай кўнгилсизликлар баъзи ота-оналарнинг ўз фарзандларига тарбия беришга вақт топаолмаётганлигидан ёки фарзанд тарбиясига бефарқ қараётганларидан юзага келмоқда. Болага болалик чоғидан илму-маърифат нима эканлигини, оқ ва қора, яхши ва ёмон, савоб ва гуноҳ нима эканини ўргатиб боришликда жуда катта ҳикмат бор.

Буюк ватандошимиз Имом Ғаззолий бундай дейди: “Болалар ота-оналарига берилган бир омонатдир. Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. У қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади. Агар яхшиликка ўргатилса, шу билан ўсади ва дунёю охиратда саодатга эришади. Унинг савобига ота-онаси ҳам, ҳар бир муаллиму устозлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка одатлантирилса, ҳайвонлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, охир-оқибат ҳалок бўлади. Гуноҳи эса унинг тарбияси учун жавобгар бўлганларнинг гарданига тушади”.

Шунинг учун ҳам икки дунё саодатини белгилаб берадиган бундай ўта муҳим вазифага бефарқ бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Нега деганда бунинг жабрини фақатгина ота-она, ёки маҳалла эмас жамият тортишини асло ёдимиздан чиқармаслинимиз керак. Келажак бунёдкорлиги давлатимизнинг гуллаб-яшнаши ва порлоқ истиқболи бугунги ёшларимизнинг қай даражада таълим ва тарбия олишларига чамбарчас боғлиқдир.

Биринчи Президентимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидланганидек: “Маънавиятни шакллантиришга бевосита таъсир қиладиган яна бир муҳим ҳаётий омил – бу таълим-тарбия тизими билан чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун маънавиятни шакллантиришда таълим ва тарбиянинг ўрни ва аҳамияти катта ҳисобланади”.

Миллий маънавият, барқарор ҳаётий тушунчалар, миллий ва умуминсоний қадриятлар, она ватанга садоқат руҳининг шаклланиши аввало оиладан бошланади. Бола тарбиясида ота-онанинг шахсий наъмунавий ибрати катта аҳамият касб этади. Доно ҳалқимизда “Қуш инида кўрганини қилади” деган нақл бор. Боболаримизнинг доно ҳикматлари моҳиятига назар ташлайдиган бўлсак оиладаги маънавий муҳид қандай бўлса боланинг маънавияти ҳам ҳудди шундай шаклланади. Хулоса ўрдида айтишим мумкинки тарбияли ота-онадан тарбияли фарзанд дунёга келади. Ёшлар маънавиятини ва таълимини ривожлантиришни аввало ота-оналарнинг маънавиятини юксалтиришдан бошлаш керак ана шунда жамиятимизга соғлом маънавий муҳид барқарорлиги таъминланган бўлади.

Марғуба АХРАЛОВА